"Uzbekistan GTL" МЧЖ ходими Японияда таълим олиш гранд дастури соҳиби

image

Ўзбекистонда 1999 йилдан эътиборан ўз ишини бошлаган, дунёнинг 13 та ривожланаётган давлатида фаолият олиб борувчи Япония халқаро ҳамкорлик маркази “JICE” томонидан 2023-2025 йилларда Япониянинг халқаро университетларида таҳсил олиш имкониятини берувчи “JDS” лойиҳасининг гранд дастури учун 2022 йилда ҳам танлов эълон қилинди.

Республикамизнинг кўплаб вазирлик, идора ва ташкилотлари ходимлари қатори, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимига кирувчи ташкилотлар ходимлари ҳам ушбу гранд дастурида номзод сифатида иштирок этдилар.

2022 йилнинг август ойидан 2023 йилнинг март ойига қадар ўтказилган танлов 3 та саралаш босқичида амалга оширилди.

Биринчи босқичда, номзодлар математика ва инглиз тили бўйича имтиҳон қилиндилар. Шунингдек, номзодларнинг магистрлик илмий тадқиқот иши режаси университет профессорлари томонидан баҳоланди.

Иккинчи босқичда Япониянинг халқаро университетлари профессорлари билан бўлган техник суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар, якуний босқич доирасида, танлов ҳайъати аъзолари билан бўлган кенг қамровли имтиҳонда қатнашдилар.

Танлов натижаларига кўра, Япония халқаро ҳамкорлик маркази комиссияси қарорига биноан, Персонални бошқариш бўлимида HR-аналитик вазифасида ишлаб келаётган Баратов Нурбек Умарали ўғли Япониянинг Ниигата шаҳрида жойлашган Япония халқаро университетида бизнес муҳитни яхшилаш соҳасида “Бизнес бошқаруви магистри” (MBA) йўналиши бўйича таълим олиш грандининг ғолиби деб топилди.

2023 йил – мамлакатимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилига мос рашивда қўлга киритилган ушбу имкониятдан фойдаланиб, Нурбек Баратов 2 йил давомида Япония халқаро университетида таълим олиб, эгаллаган билим ва кўникмаларини келгусида нефть-газ соҳасининг ривожига, шунингдек, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига қаратилган лойиҳаларнинг амалга оширилишига сафарбар этишига ишонч билдирамиз ва омадлар тилаб қоламиз.

 

 

Маълумот учун. JDS гранд дастури танланган давлат хизматчилари учун 2 йил мобайнида Японияда яшаш ва ўқиш имкониятини тақдим этади ҳамда тўлиқ молиялаштиради. Дастур шартларига мувофиқ, ғолибларнинг иш ўрни сақлаб қолинади. Гранд ғолиблари Япониядаги ўқишни тугатгандан сўнг, аввалги ёки масъулиятлироқ янги лавозимда камида 3 йил соҳа ривожи учун меҳнат қилиш мажбуриятини олади.