Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ кўмитаси томонидан эълон қилинган расмий ҳисоботларга кўра, “Uzbekistan GTL” МЧЖ 2023 йил январь ойида ишлаб чиқариш соҳасида энг кўп солиқ тўлаган топ-20 корхоналар рўйхатидан жой олди. Жорий йилнинг январь ойида Компания томонидан давлат бюджетига 63.3 млрд. сўм миқдоридаги солиқ тўловлари амалга ошириб, 20та корхона орасида 7чи ўринни қайд этди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ғояси ва ташаббуси билан бунёд этилган, Янги Ўзбекистоннинг учинчи ренессанси пойдевори ҳисобланган “Uzbekistan GTL” заводида 2022 йил 29 июнидан бошлаб Ўзбекистон нефт ва газ-кимё саноати тарихида илк бор синтетик дизель ва нафта маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган эди.
Шундан сўнг, 2022 йил 4 июлдан бошлаб Республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали илк бор синтетик дизель ёқилғиси сотилиши йўлга қўйилиб, узлуксиз равишда юртимиз истеъмолчиларига етказиб берилмоқда.
Маълумот учун. “Евро-6 стандарти” талабларига тўлиқ жавоб берадиган “GTL” дизели Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида мукаммал ишлаш ҳамда экологик хусусиятларга эга биринчи синтетик ёқилғи ҳисобланади.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг ноябрь ойида “Uzbekistan GTL” заводининг иккинчи навбати ишга туширилиши билан тўлиқ иш режимига ўтказилди ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилди. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали маҳсулот таннархини пасайишига эришилмоқда.
2022 йил июнь ойидан бугунги кунга қадар, яъни,ўтган 8 ой вақт мобайнида 23,8 фоизга арзонлаштирилганлиги эвазига, дастлабки нархи 15,5 млн. сўмни ташкил этган синтетик дизель ёқилғиси бугунги кунда 11,8 млн. сўмдан сотилмоқда.
Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари ортиши “Uzbekistan GTL” заводининг асосий мақсадларидан бири бўлган республика ички истеъмолчиларига юқори сифатли ёнилғи маҳсулотларини паст нархларда ички истеъмолчиларга етказиб беришни таъминлаш, республикамиз ёқилғи мустақиллигига яна бир катта қадам сифатида эътироф этишимиз мумкин. Бу эса ўз ўрнида, республикамиздаги барча саноат соҳаларини янги босқичга кўтаришга, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга катта туртки вазифасини бажариши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, “Uzbekistan GTL” заводида йилига 3,6 млрд. метр куб табиий газ қайта ишланиб, 1,5 млн. тонна тайёр суюқ маҳсулотлар, жумладан 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади. Завод йилига умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари ёки 12,8 триллион сўмдан ортиқ импорт ўрнини босувчи юқори сифатли нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган.