Ўзбекистон Республикаси Президентининг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтириш бўйича тегишли қарор ва фармойишлари ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан нефть ва газ объектлари ва маъмурий биноларда энергия ресурслари сарфини камайтириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
Бу борадаги ишлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ишлаб чиқаришни модернизация ва реконструкция қилиш, энергия тежовчи ускуналар ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирлар дастури доирасида бажарилмоқда.
Дастурга мувофиқ, “Uzbekistan GTL” компаниясининг Тошкент шаҳридаги биносида қуввати 65 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.
Мазкур қуёш фотоэлектр станция йилига 115 минг кВт-соатдан зиёд электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, станция “Uzbekistan GTL” компанияси Тошкент шаҳридаги биносини кундуз куни тўлиқ электр энергияси билан таъминлайди. Шу билан бирга, эҳтиёждан ортган қисми “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга узатилади.