Жорий йилнинг 7 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган "Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга мувофиқ нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналарига мактаб ўқувчилари учун экскурсиялар ҳамда соҳа фахрийлари билан учрашувлар ташкил этилиши ҳам белгиланган.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Қарши шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати 15 нафар ўқувчилари "Uzbekistan GTL" заводи фаолияти билан яқиндан танишишди.
Учрашув аввалида, ўқувчи ёшларга мутахассислар томонидан корхоналар ҳудудида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш тўғрисидаги йўриқнома тушунтириб ўтилди.
Сўнг келажак авлодни бевосита ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан таништириш мақсадида заводининг марказий бошқарув биносида жойлашган замонавий бошқарув панеллари ҳусусиятлари тажрибали муҳандислар томонидан тушунтирилди.
Бундан ташқари, ёш авлод вакилларида айниқса заводнинг марказий лабораториясидаги замонавий ва инновацион қурилмалар ва ускуналар катта қизиқиш уйғотди.
Учрашув давомида корхонада кўп йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган тажрибали муҳандислар ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавобларни ишлаб чиқариш жараёнлари орқали кўрсатиб ҳам бердилар.
Мазкур турдаги экскурсиялар ўсиб келаётган ёш авлод вакилларининг ўзлари танламоқчи бўлаётган соҳа, нечоғлик мураккаб эканлиги билан бирга шарафли эканлигини англашларига хизмат қилади.