Лицензиянинг оҳирги фойдаланувчилари форуми ўз ишини бошлади

image

Бугун, жорий йилнинг 22 май куни Самарқанд шаҳрида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчиларнинг биринчи форуми – “Лицензиянинг охирги фойдаланувчилари форуми” очилди.

Маълумки, “Uzbekistan GTL” минтақадаги энг йирик инвестиция лойиҳаси, жаҳон нефт-газ соҳасида энг илғор, инновацион ва муваффақиятли амалга оширилган етакчи лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилган.

Форумнинг асосий мақсади синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчилари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба, билим ва кўникмалар алмашиш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Uzbekistan GTL” заводи билан танишиш, GTL технологияси, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш долзарб масалаларини, ҳамда технологияни ривожлантириш ва истиқболларини муҳокама қилишдан иборат. 
Форум жорий йилнинг 22-26 май кунлари Самарқанд шаҳрида ва “Uzbekistan GTL” заводида бўлиб ўтмоқда.

Мазкур Форумда “Oryx GTL” (Қатар), “Escravos GTL” (Нигерия), “Secunda CTL” (Жанубий Африка), “Haldor Topsoe” (Дания), Sasol (Жанубий Африка), Chevron (АҚШ) компанияларининг  40 га яқин соҳа мутахассислари ва менежерлари, шунингдек, “Uzbekistan GTL” компаниясининг ёш ва юқори малакали мутахассислари иштирок этмоқда.

Форум доирасида турли учрашувлар, тақдимотлар, мутахассислар йиғилишлари ва ўзаро тажриба алмашиш бўйича муҳокамаларни ташкил этиш режалаштирилган.