Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлган “Uzbekistan GTL” заводининг ишга туширилиши муносабати билан кадрлар захирасини истиқболли ёш мутахассислар билан тўлдириш ишлари олиб борилмоқда. Бу борада маҳаллий олий таълим муассасалари билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик алоқалар йўлга қўйилган.
Жумладан, 2022 йилнинг август ойидан 2023 йилнинг март ойига қадар ўтказилган суҳбатлар натижасида Қарши мухандислик иқтисодиёти институтининг 25 нафар, Тошкент давлат техника университетининг 10 нафар, Тошкент кимё технология институтининг 12 нафар ва бошқа олий таълим муассасаларининг 9 нафар битирувчилари танловлар асосида иш билан таъминланди.
Ишга қабул қилиш учун танловлар қуйидаги 3 босқичда амалга оширилган:
• Ишга кирмоқчи бўлган талаба ёшлар jobs.uzgtl.com сайти орқали рўйхатдан ўтиб, онлайн тест топширишди.
• Онлайн тест синовларидан 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган номзодлар танловнинг кейинги босқичларига таклиф этилди.
• 2-3 босқичлар офлайн тарзда “Uzbekistan GTL” заводи ҳудудида ишга қабул қилиш Комиссияси томонидан амалга оширилди.
Ўтган 7 ой давомида, жами 300 нафардан ортиқ ёшлар танловнинг 2-, ва 3-босқичларига қатнашган бўлса, шундан 28 нафари доимий ишга қабул қилинди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг ПҚ-309-сонли “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида, талабаларнинг амалиётини ташкил этиб келинмоқда.
2022 йил декабрь ойида “Uzbekistan GTL” заводида 2023 йил давомида амалиёт ўтиши режалаштирилган олий таълим муассасаларининг талабалари танлов асосида саралаб олинди. Амалиёт мобайнида ўзини ҳар томонлама яхши кўрсатган талабалар билан меҳнат шартномаси тузилиб, ойлик иш ҳақи белгиланиши кўзда тутилган. Амалиёт давомида талабаларга ойликдан ташқари 3 маҳал иссиқ овқат, маҳсус кийим-кечак ва завод бўйлаб транспорт ажратилиши ва энг иқтидорли талабаларнинг июль ва август ойларида вақтинчалик меҳнат шартномаси билан ишга қабул қилиниши режалаштирилган. Маълумот учун, талабалар амалиётини ташкил этишнинг ушбу ҳақ тўланадиган тури ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида биринчи бор “Uzbekistan GTL” МЧЖ томонидан 2022 йилда амалда тадбиқ этилди ва ушбу жараён кутилган самара берди дейиш мумкин.
2023 йилда ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиётларида жами 263 нафар 3-, 4-босқич талабалари қатнашиши режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар, 50 нафардан ортиқ 4-босқич талабалари завод ҳудудида амалиёт ўташга улгуришди.