Жорий 2023 йил давомида “Uzbekistan GTL” заводига турли таълим ташкилотларидан амалиёт ўташ учун ташриф буюрган талабаларнинг 79 нафарини 3-босқич талабалари ташкил этди.
Мазкур талабаларни билим олишга бўлган қизиқишини янада орттириш, соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишишга бўлган рағбатини юксалтириш мақсадида улар ўртасида танлов имтихонлари ўтказилди.
Ушбу имтихонлардан муваффақиятли ўтган 20 нафар иқтидорли талабаларга “Uzbekistan GTL” заводининг ишлаб чиқариш ходимлари сифатида, вақтинчалик меҳнат шартномаси асосида, ойлик маош тайинланди.
Амалиёт вақтида, талаба ходимларга, завод ходимларига бўлгани каби барча шароитлар яратилди. Улар учун ҳам махсус форма ва ҳимоя воситалари, уч маҳал иссиқ овқат, ётоқ жой хамда завод бўйлаб транспорт ажратилди. Шунингдек, заводнинг етакчи мутахассислари хамроҳлигида ўз тажрибаларини янада ошириш имконияти тақдим этилди.
Таъкидлаш зарурки, кадрлар тайёрлашнинг мазкур йўналиши талабаларда мамлакатимизнинг нефть ва газ саноати соҳасида меҳнат қилиш нақадар шарафли ва шу билан биргаликда юқори масъулиятли иш эканлиги, соҳанинг етук мутахассиси бўлишда тинимсиз меҳнат ва билим олишнинг ўта мухим аҳамият касб этиши тўғрисида тушунча хосил қилишларида муҳим қадам сифатида хизмат қилади. Ушбу талабаларга завод раҳбарияти томонидан келажакдаги фаолиятларига омад ва мувафаққиятлар тиланди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда 18 нафар 3-босқич талабаси танлов асосида ҳақ тўланадиган амалиётга жалб этилган эди.